“Тошкент ИЭС” АЖ жамоасининг ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича олиб бораётган ишлари.

Перевести на: ru uz

Корхонада илгари ҳам аёлларнинг муаммолари ўрганилган. Аммо ҳеч ким ҳар бир аёлнинг аниқ муаммосини ҳал этиш учун масъул бўлмаган.

Бугун эса ишнинг тартиби ўзгарди. Энди нафақат ҳар бир аёлнинг муаммоси алоҳида ўрганилмоқда, балки ечими, муаммонинг бартараф этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилмоқда.

Буни  Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори янги мақсадларни белгилаб берди.

Қибрай тумани Салар шаҳар фуқаролар йиғини Абай кўчаси 22 уйда яшовчи Гулмира Журашова ҳаёт заҳматларини кўп бошидан кечирган аёллардан.  15-АТПда хайдовчи бўлиб ишлаган  турмуш ўртоғининг топгани рўзғорга  етмаганлиги сабабли  турли жойларда ишлаб кўрди. Лекин катта синовлар олдинда эди. Бу оила бошига катта мусибат тушди. 2012 йил 44 ёшли турмуш ўртоғи юрак етишмовчилиги туфайли вафот этиб, уч нафар вояга етмаган фарзанди билан ёлғиз қолди. Ака-ука, қариндошлар ўз оиласи, ўз ташвишлари билан банд. Етим қолган болаларни боқиш учун  Гулмира ўзини ўтга, чўққа урди. Бўёқчилик, фаррошлик, лаборантлик, қоровулчилик ҳам қилиб кўрди.  Ёш фарзандлари билан бир жойда узоқ ишлолмасди.

2018 йилнинг май ойида “Тошкент иссиқлик электр станцияси”га фаррош бўлиб ишга кирди.

Касаба уюшма қўмитаси барча корхона ходимларининг оилавий шароити, турмуш тарзи, муаммоларини ҳеч қачон назардан четда қолдирмаган.

Гулмира  Журашованинг оилавий шароитидан хабар топган раҳбарлар, Касаба уюшма қўмитаси ва цех ходимларидан бўлган ишчи гуруҳ уйини бориб кўришди. Ҳаттоки таъмирлашга яроқсиз бўлиб қолган бу нураб ётган уйни бузиб, ўрнига янги яшашга қулай, шароитлари талаб даражасидаги уй қуриб беришга қарор қилинди. 2020 йилнинг август ойидан бошлаб Гулмиранинг уйида корхона ходимларидан ташкил топган хашарчилар гуруҳи  иш бошлади.  Ишлатиладиган хом ашёлар корхона томонидан  ва Қибрай тўмани хокимиятининг мутасаддилари томонидан беғараз етказиб турилди. Қисқа муддатда эски абгор ҳолатдаги уйнинг ўрнига янги тўрт хонали уй барпо этилди. Электр монтаж ишлари  бажарилди, қозонхона қуриб иситиш тизими ишга туширилди. Совуқ тушмасдан Гулмира фарзандлари билан янги барча шароитлари мавжуд уйга кўчиб кирганидан ҳурсанд бўлиб, жонкуяр раҳбарлар, касаба уюшма қўмитаси аъзолари ва барча қурилишда иштирок этган сафдошларини тинмай дуо қилмоқда. Келган меҳмонларга ҳали бўёқ ҳиди кетмаган  хоналарни, ошхона ва ҳаттоки хожатхонагача мақтаниб кўрсатади.

 

Олиб борилаётган ишлардан доим хабардор бўлиб, моддий ва маънавий қўллаб турган  Касаба уюшма қўмитаси раиси М.М.Касимова янги уйни жиҳозлашга ҳам бефарқ қараб турмай  Гулмиранинг уйига янги музлаткич ва гўшт майдалагич олиб бериш таклифини берди. Қўмита аъзолари бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

Ҳа, корхонада хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Қийинчиликлар гирдобида қолган опа-сингилларимиз ҳаётида  тилаклар ижобат бўлаётган кунлар кўпайиб, орзулар ушалмоқда.   Хотин-қизлар билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич ҳал этилмоқда.

Яндекс.Метрика